Аёллар чемпионатида 2020 йилги формат ўзгаради

Пандемия даври футбол клублари учун ҳам оғир келди. Бир қатор клублар бош ҳомийлари сметаларни қисқартиришга мажбур бўлди.

Айни ҳолатда клублар тежамкор бўлиш ҳаракатига тушган. Бу ҳолат аёллар футболи масаласига ҳам ўз таъсирини ўтказаётгани ЎзПФЛ учун маълум. Шундан келиб чиқиб, биз аёллар чемпионатида ўз жамоаси билан иштирок этаётган 12 та клуб билан фикр алмашдик.

Мазкур клублар орасидан “Навбаҳор” аёллар чемпионати учрашувларини I даврадан кейиноқ якунлаш таклифини берди. Уч клуб — “Сўғдиёна”, “Локомотив”, “Бунёдкор” чемпионатни ўз ҳолида қолдириш ва 22 та тур учрашувларини ўтказиш истагини маълум қилди.

Маълумки, ЎзПФЛ қошида ташкил этилган Комиссия Суперлига ҳамда Про лига клублари аъзоларинини махсус ишлаб чиқилган регламент асосида COVID-19 бўйича назорат қиляпти. Бу билан биз чемпионат учрашувлари тўхталишларсиз ўтишига эришмоқдамиз. Шунингдек, Тошкентнинг “Пахтакор” клуби ҳам Чемпионлар лигасида йўқотишларсиз иштирок этишга эришганида Комиссиянинг кичик хизматлари бор экани бизни қувонтиради.

Бироқ футбол клублари футзал ва аёллар чемпионати масаласида бу каби қатъий текширувга тайёр эмасликларини маълум қилишди. ЎзПФЛ бунда ЎФА билан келишган ҳолда аёл футболчиларни ҳар икки давра олдидан бир мартадан текширувдан ўтказиш вариантини ўрганиб чиқди. Шунингдек, тестлар ЎФА томонидан клубларга бепул тақдим этиладиган бўлди.

Шунга қарамай, кейинги турларда муаммолар чиқа бошлади. Оқибатда “Андижанка” футбол клуби бир эмас, уч учрашувни қўйиб юборишга мажбур бўлди. Яна бир учрашувга бесабаб бормагани учун эса техник мағлубият ёзилди. Эндиликда, “Андижанка” футболчилари қолдирилган уч учрашувни ўтказиш учун камида 10 кун вақт сарф этишлари керак бўлади ва фақатгина шунда I давра учрашувлари якунига етади. II давранинг яна 11 та учрашуви учун эса ихтиёримизда ноябрь ва декабрь ойларигина қолмоқда. Бу ҳолат клубларга ҳам, футболчи қизларнинг ўзига ҳам ноқулайлик туғдиради.

Шундан келиб чиқиб, I давра учрашувларидан кейин жадвалдаги жамоалар тенг икки қисмга бўлиниши ва ҳар бир қисм жамоалари ўзаро яна бир мартадан тўқнаш келиши, бу билан ўйинлар сонини 5 тага қисқартириб, 17 та тур билан мавсумни якунлаш таклифи илгари сурилди. Таклиф 8 та клуб — “Андижанка”, “Пахтакор”, “Бухоро”, “Металлург”, АГМК, “Сурхон”, “Қизилқум” ҳамда “Севинч” томонидан қўллаб-қувватланди. Аммо бунинг учун юқорида қайд этилганидек, “Андижанка” қолдирилган ўйинларини ўтказиб олиши керак бўлади. Бу эса бизга дастлабки ва кейинги олтилик жамоаларини аниқлаб олишга ёрдам беради.

Бу билан ноябрь ойидаги 5 та учрашув билан чемпионат ўйинларига якун ясаш имконияти пайдо бўлади. Бироқ бунда ўйинлар яна қолдирилмаслиги масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ҳар бир жамоа бўлажак рақибини I давра ўз майдонида қабул қилган бўлса, эндиликда унинг уйига сафар этади ёки шунинг акси. Декабрь ойи эса кубок учрашувлари учун аталиши мумкин. Бу борада клублар билан алоҳида фикр алмашинилади.

ЎзПФЛ шу вақтга қадар аёл футболчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келмоқда ва кейин ҳам шундай бўлади. Пандемия давридаги муаммолар ва айни ҳолатларга сайтимиз томонидан атрофлича тушунтириш берилмоқда. Умид қиламизки, вазиятга тўғри баҳо берилади.

Қўшимча қилиш керакки, аёллар футболининг қуйи лигасида 8 та жамоа иштирок этиши режалаштирилганди. Аммо улардан 6 таси мусобақада иштирок эта олмаслигини маълум қилди. Натижада мусобақа 2020 йил учун бекор қилинди.

Ўқилган: 594
Аёллар футболи

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича

Дмитрий Михайлович блогида. Иккинчи турда йирик ғалаба
08:48
Аёллар ўртасидаги Олий Лига баҳслари ноъмалум муддатга қолдирилди
19:52
Олий лига. “Пахтакор-W” – “Андижанка” учрашувини Жумаева бошқаради
08:42