Хоакин Капаррос: Арманистон термаси ўзига ишониши керак ("ИнтерФутбол" блоги)

Хоакин Капаррос 2000 йили «Севилья» бош мураббийи лавозимига тайинланган пайт ҳозирги давр тугул, ҳаттоки, яқин келажакда қаерда ишлаши мумкинлигини тасаввур ҳам қилолмагани тайин. У 2005 йилгача Андалусия клубида Серхио Рамос, Хесус Навас, Хосе Антонио Рейес ва Дани Алвеш каби бўлажак юлдузларнинг ўсишларига улкан ҳисса қўшиб, маҳаллий мухлислар ҳурматига эришди. Кейин Испания, Швейцария ва ҳаттоки, Қатарнинг турли клубларида ишлади ва 2018 йилга келиб, «Севилья»га қайтди. Тўғри, Капаррос бунда икки бора қисқа муддат вақтинча мураббий ролини бажариш билан чекланди. 2020 йил бошида Гинес Мелендеснинг қўнғироғи эса, барчасини буткул ўзгартириб ташлади. Капарросга мурожаат қилган инсон - Испаниянинг ёшлар тоифасидаги терма жамоаларини бошқаришда катта муваффақиятларга эришган фахрий мураббий. Мелендес эски танишига Арманис­тонда ишлашни таклиф этди, чунки у бир йил аввал мамлакат футбол ассоциацияси техник директори сифатида фаолият бошлаганди. Хуллас, Гинес Мелендес янги иш жойида мамлакат миллий жамоа­си тажрибали мураббийга эҳтиёж сезаётганини пайқагач, дарҳол Хоакинни эслади ва у билан алоқага чиқди. Бу таклифнинг самараси: Арманистон миллий жамоаси Қатар-2022 саралаш босқичини кетма-кет 3та ғалаба билан бошлади. Хуллас, ФИФА расмий сайти мухбирлари арманларнинг ёрқин стартлари баҳона испаниялик мутахассисни махсус суҳбатга чорлашди.

***

- Ҳа, ЖЧ-2022 квалификацион жараёнини жуда зўр бошладик, дадиллик ҳам жойида. Муҳими, оёғимиз ердан узилгани йўқ. Арманистонликлар терма жамоа янада кучайиши ва ривожланишини хоҳлашади. Маҳаллий мутасаддилар эса, барчаси мураббий малакасига боғлиқлигини яхши тушунишади. Ҳозирда йигитлар ҳам, раҳбарлар ҳам сифатли ишламоқдалар. Бунинг самараси ўлароқ, айни натижаларимиз президентга ҳам, футболчиларнинг ўзларига ҳам катта ишонч бағишламоқда. Ўйлайманки, Арманистон термасида ўйинни янада кучайтириш учун ички потенциал йўқ эмас, буни яққол кўриб турибман. Фақат йўл узоқ ва кичик ютуқларга чалғимай, уни бар­қарор босиб ўтишимиз талаб этилади, - дейди Капаррос интервью бошида Арманистон футболидаги охирги ўзгаришлар ҳақида. - Аслида «Севилья» билан тузилган шартнома бўйича ҳали вақт бор эди, аммо қадрдоним Гинес Мелендес Арманистон футболи имкониятлари ҳақида гапириб бергач, бу ерда ишлаб кўришга ошиқдим. Аввалига Мелендеснинг ўзи ва миллий федерация президенти билан алоҳида учрашдим. Бундан яхши таассурот қолди, ишонч ҳисси туғилди. Шунинг учун ўзаро келишишда қандайдир муаммо кузатилмади ва тезда барчасини расмийлаштирдик. Асосийси, Арманистон томони менга мутлақо ишонмоқда ва алоқаларимиз жуда илиқ.

***

Ҳа, қисқа вақт ичида Хоакин Капаррос ва Арманистон ўртасида ўзаро меҳр уйғонди, чинакам дўстона муносабат кучайди. «Европа Миллатлар лигаси турнирида «В» лигасига кўтарилиш амалга оширилган ишлар учун ҳақиқий мукофот бўлди, зеро, бу - кутилмаган воқелик. Ҳар ҳолда, гуруҳ босқичида Грузия ва Шимолий Македония термалари каби кучли, савияси баланд рақибларга қарши майдонга тушдик. Ушбу муваффақиятимиз мамлакат ва жамоа учун жиддий руҳий турткини таъминлагани - айни ҳақиқат. Шунинг самараси ўлароқ, Арманис­тонда ҳаракатларимиз натижа беришига ишонч ортди, яна футболчилар ўз-ўзидан анча дадиллашдилар. Арманистон термаси энди ўз салоҳиятига тўлиқ ишонса бас - марра бизники», - дейди фаолияти давомида «Севилья»дан ташқари, «Атлетик», «Депортиво» ва «Мальорка» каби клубларда катта тажриба тўплаган мураббий.

***

Айни шу ишонч Арманистон термасининг март ойи сўнгги ҳафтасида бошланган ЖЧ-2022 саралаш босқичи доирасидаги дастлабки 3та ўйинда ғалаба қозониб, «J» гуруҳида етакчиликни қўлга олишига яхши замин бўлди. «Ҳа, саралаш довонини катта иштиёқ билан бошладик, шунинг баробарида гуруҳимиз нақадар мураккаб эканлигини ҳам яхши тушуниб турибмиз. Яхши старт - катта илҳом. Асосийси, йигитлар ҳали ердан оёқ узишгани йўқ. Ахир Руминия, Исландия, Шимолий Македония ва Германия термалари билан ўйнаймиз. Айниқса, бундестимга таъриф бериш ортиқча. Бу билан бизда имконият камлигини таъкидлаш ниятим йўқ, аммо барчасига реал қараш керак. Албатта, чиройли якундан умидвормиз, яхши стартдан ҳам хурсандмиз. Факт шуки, бу қувонч ва қўлга киритилган очколарни ҳеч ким биздан тортиб ололмайди»- бу Капарроснинг ЖЧ саралашидаги ёрқин стартга муносабати.

***

65 ёшли мутахассис ҳозир айни ҳордиқ чиқариш вақти эканлигини яхши тушунади. У нисбатан тенг кучли жамоаларни ўз ичига олган «J» гуруҳида шу вақтгача содир бўлган воқеаларга назар ташлар экан, камтарликни ҳам унутмайди: «Ақл бовар қилмас натижалар тақдим этиши эҳтимоли бор гуруҳда ўйнаш ҳар томондан фойдали. Аммо бизга ҳали жуда қийин бўлишини яхши тушунаман. Аввало,  доимий фаворит ва кўплаб савияли футболчилар ҳамда ёрқин тарихга эга Германия термасини назарда тутяпман. Қолаверса, қолган рақиблар ҳам чакки эмас. Хўш, Арманистон терма жамоаси олдида қандай аниқ вазифалар бор? Очиғи, айни паллада вақтдан илгарилаб кетиш ярамайди. Ҳар ҳолда, лоақал сентябргача сабр қилишимиз керак. Демоқчиманки, шунчаки, ўйиндан ўйинга битта-битта қадам ташлаш маъқул. Қаергача боришимизни эса вақтнинг ўзи кўрсатиб беради. Тақвим бўйича сентябрь ойига қадар ЖЧ-2022 саралаш босқичи доирасида ўйнамаймиз. Шунинг учун биринчи навбатда, футболчилар ҳолатини назорат қилиб бориш керак. Кўп нарса йигитларнинг расмий ўйинга қандай ҳолда етиб боришларига ҳам боғлиқ. Нима бўлишидан қатъий назар, яхлит жамоа сифатида ўз кучимиз ва руҳий қатъийликка тая­намиз».

***

Испаниялик мутахассис ҳозирга қадар Арманистон терма жамоасини атиги 10та учрашувда майдонга бошлаб тушди ва бу унинг Шарқий Европанинг ушбу мамлакатида ҳурмат-иззат, яхши муносабат топишига кифоя қилди. «Бошидан футбол федерацияси президенти, мураббийлар штаби вакиллари, қўйингки, барча-барча мен билан елкама-елка ишлади. Терма жамоа йиғинига бориш ва йигитлар билан бирга бўлиш ёқимли, чунки улар жуда-жуда фидойи, - дейди Капаррос ва миллий жамоа билан ҳар кунги иши ҳақида фақат яхши гапларни такрорлайди: - Мамлакатда ажойиб академия мавжуд. Бу ерда 10та футбол майдони бор ва барчаси яхши ҳолатда. Яна ҳашаматли хоналарни ўз ичига олган кўп қаватли уй ҳам ихтиё­римизда. Қисқаси, нима керак бўлса, ҳаммаси муҳайё этилган. Қайтараман, жуда қулай шароитларга эгамиз»......

Давоми бор. Ушбу СУҲБАТни тўлиқ ҳолда InterFUTBOL.uz сайтида ўқишингиз мумкин...

Ўқилган: 3087
Блоглар

Фойдаланувчилар фикрлари



Мазву бўйича